Тошкент ирригация ва мелиорация институти Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти этиб қайта ташкил этилди. Бу Ўзбекистон Президентининг 24 майдаги қароридакўзда тутилган.

Янги ОТМ республика бўйлаб ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасида муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш, шунингдек илмий-педагогик кадрлар ва мутахассислар малакаси ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича асосий ўқув юрти бўлади.

2017—2018 ўқув йили бошидан Тошкент давлат аграр университетининг (ТДАУ) «Қишлоқ хўжалигини механизациялаш», «Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш» йўналишларининг 1−3-босқич бакалавр ҳамда мазкур йўналишлар магистратура талабалари янги ОТМда таҳсилни давом эттиради. ТДАУ мазкур йўналишлар бўйлаб мутахассислар тайёрлашни тўхтатади.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институти Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти бошқарувига ўтказилди.

Ҳужжатга мувофиқ, бош вазир ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаевга қишлоқ ва сув хўжалиги учун кадрларни тайёрловчи ОТМлар устидан умумий раҳбарлик қилиш вазифаси топширилди.