27 май куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 10-ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Бельгия, Ҳиндистон ва Корея Республикасидаги дипломатик ваколатхоналарининг янги раҳбарларини тасдиқланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилёр Ҳакимов Ўзбекистоннинг Бельгиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. У вазир ўринбосари лавозимида 2014 йилнинг сентябридан буён фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Сенат муқаддам Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Фарҳод Арзиевни Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлади.

Ялпи мажлисда Виталий Фен Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тасдиқланди. Виталий Фен 1995−2013 йиллари Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги муваққат ишлари вакили, кейинчалик Ўзбекистон элчиси сифатида ишлаган.