2017—2019 йилларда Европа, Африка, Осиё ва МДҲ давлатларидан сайёҳларни жалб этиш учун Бухоро ва Бухоро вилояти туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати эълон қилган Ўзбекистон Президентининг 19 майдаги тегишли қарорида сўз боради.

Бухоро ва Бухоро вилоятида янги меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказлар ҳамда бошқа сайёҳлик инфратузилмалари объектларини қуриш, туризмни ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш режалаштирилган.

Умумий овқатланиш тизими такомиллаштирилиб, сайёҳликларнинг кечки вақтларини мазмунли ташкил этиш учун шароитлар яратиш белгиланган. Жумладан, ресторанлар қурилади, маданий ёдгорлик объектлари ҳудудида театрлаштирилган миллий концерт дастурлари, миллий анъана ва урф-одатлар намойишлари ўтказилади.

Транспорт хизматларини кўрсатиш даражасини яхшилаш, авиа ва темир йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, авиарейслар ва «Афросиёб» поездлари рейслари сонини ошириш режалаштирилган. Сайёҳлик объектларига олиб борувчи автомобиль йўллари қурилиб, реконструкция қилинади.

Бухоро марказида ихтисослашган сувенир ва совғалар дўконлари тармоғи жойлаштирилган янги «савдо-сотиқ» кўчаси пайдо бўлади. Туризм инфратузилмалари объектларига банкомат ва терминаллар ўрнатилади, сайёҳлар оммавий тўпланадиган жойларда валюта алмаштириш пунктлари ва Wi-Fi зоналари ташкил этилади.

Шофиркон туманидаги «Оғутма» кўли атрофида сайёҳлик инфратузилмаларини яхшилаш, «Жайрон» экологик маркази «Ташриф маркази"ни капитал таъмирлаш ҳамда унинг атрофида зоологик боғ ташкил этиш режалаштирилган. Пешкў туманидаги «Қорақир» кўлида ов, пляж ва спорт туризми билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратилади. «Афшона» музейи атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш ва ихтисослашган даволаш уйларини қуриш кутилмоқда.

«Арк» мажмуасини тўлиқ реставрация қилиш бўйича «ортга суриб бўлмайдиган» чоралар кўрилади. Ички ҳовлининг вайрон бўлган қисмини қайта тиклаш (тозалаш) ишлари 2021 йилга қадар якунланиши лозим.

Бухоро шаҳрининг тарихий қисмини режалаштириш ва моддий маданий ёдгорлик объектларини реставрация қилиш ишларига Европа мамлакатларининг етакчи эксперт-маслаҳатчилар жалб қилинади. Бухоро вилоятидаги махсус муҳофаза остига олинган тарихий маданий ҳудудларда қурилиш ва таъмирлаш-қайта тиклаш ишларида улар архитектурасига аралашув энг кам даражада амалга оширилади.

Бухоро бренди ишлаб чиқилади, 2017—2019 йилларда реклама кампанияси «Муқаддас Бухоро — Ислом маданияти ўчоғи» шиори остида олиб борилади.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирлар ҳисобига 2017—2021 йилларда сайёҳлик хизматлари ҳажмини 2,1 баробарга, сайёҳлар сонини эса 1,9 баробарга ошириш режалаштирилган.