Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 майдаги қарори билан Тошкентда электрлаштирилган икки қаторли тезюрар ҳалқа темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлади. Ҳужжат матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Қарорда қайд этилишича, радиус бўйлаб пойтахтга кирувчи асосий магистраллар билан кесишувчи ҳалқа темир йўли йўловчиларга транспорт хизматлари кўрсатилиши даражасини яхшилаши, жамоат транспортида йўловчилар оқимини кўпайтириши, ер усти шаҳар транспорти ва шаҳар автомобиль йўлларидаги бандлик даражасини камайтириши ҳамда экология ва атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга хизмат қилиши лозим.

Йўловчи электропоездларини харид қилган ҳолда босқичма-босқич темир йўли қурилишини кўзда тутган лойиҳа 2017−2021 йилларга мўлжалланган. Унинг ҳисоб-китоб қилинган қиймати 320,1 млн доллар эквивалентига тенг бўлиб, шундан 25,3 млн доллар эквивалентига тенг қисми 2017 йилда давлат бюджети томонидан ажратилади. 159,8 млн доллар эквивалентига тенг марказлашган инвестиция эса 2018—2021 йилларда давлат бюджети ҳисобидан ажратилади.

Лойиҳага Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт банкининг 20 млн доллар миқдоридаги маблағлари ҳамда ХХР Эксимбанкининг «Ўзбекистон темир йўллари"га импорт ускуналари, хом ашё, материаллар ва жамловчи қисмлар, йўловчи электропоездларини сотиб олиш, зарурат туғилганида хорижий пудратчи ташкилотларни жалб қилган ҳолда қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш ва бошқа мақсадлар учун тақдим этувчи 115 млн доллар миқдоридаги заём маблағлари жалб қилинади. Хитой Эксимбанки маблағлари 20 йил муддатга йиллик 2,25 фоиз устама билан тақдим этилиб, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан қайта молиялаштирилади.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖга 2018 йил 1 октябрга қадар лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилди.

Қарорда Тошкентда ҳалқа темир йўлини лойиҳалаштириш ва қуриш масалалари бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилиб, унга бош вазир ўринбосари Очилбек Раматов раҳбар этиб тайинланди.