Халқаро кураш қоидалари муаллифи Комил Юсупов 27 май куни Тошкентда бўлиб ўтган навбатдан ташқари конгрессда Халқаро кураш ассоциациясининг (IKA) янги таъсис этилган асосчи раиси лавозимига бир овоздан сайланди.

Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев вице-президент лавозимига сайланди. Конгрессда барча қитълардан конфедерациялар президентлари, 46 мамлакатдан миллий федерациялар раҳбар ва вакиллари иштирок этиб, курашни янада ривожлантириш ҳамда уни 2028 йилги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, 23−27 ноябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида катталар ўртасида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати ва 17−27 сентябрь кунлари Ашхободда (Туркманистон) ёпиқ биноларда ва жанг санъатлари бўйича бешинчи Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир 28−29 май кунлари Ўзбекистон Президенти соврини учун Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказилаётган халқаро мусобақа арафасида ўтказилди. Мазкур беллашувларда Осиё, Африка, Европа ва Панамериканинг 50 мамлакатидан 150 нафар спортчи иштирок этмоқда.