Профессор Низомиддин Ҳайдаров Тошкент молия институти ректори этиб тайинланди. Ушбу ўзгариш юзасидан «Газета.uz» мурожаати ТМИ ректоратида тасдиқланди.

Низомиддин Ҳайдаров бунга қадар — 2010 йилдан — ТМИнинг илмий ишлар бўйича проректори бўлиб ишлаган. Иқтисодиёт фанлари доктори даражасига эга.

Касбий фаолиятини 1994 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети «Молия ва нархлар» кафедрасида катта ўқитувчи ва доцент сифатида бошлаган. 1996—1997 йилларда Банк-молия академияси молия факультети декани лавозимида ишлаган. 1998 йилдан 2006 йилга қадар Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси «Молия, кредит ва валюта муносабатлари» кафедрасини бошқарди. 2006—2010 йилларда ТМИ кафедра мудири, сўнгра молия-иқтисодиёт факультети декани бўлди.

ТМИнинг аввалги ректори Баҳодир Бегалов 23 май куни Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси раиси лавозимига тайинланди.