Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 май куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Сузук ота» мақбараси ва жомеъ масжидида бўлди, деб хабар қилди ЎзА.

«Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак», — деди давлат раҳбари. Бу ерда ҳунармандлар маркази ва кутубхонаси ташкил этиш лозимгини таъкидлаган Президент мутасаддиларга мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берди.

Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топган. У Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб «Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!», дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. 1363−1364 йилларда буюк саркарда Амир Темур Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.