Ўзбекистон ва Туркия 2 млрд доллардан зиёдроқ қийматдаги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги келишувларни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов пайшанба куни савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси тўртинчи йиғилиши ва ўзбек-турк бизнес форуми якунлари бўйича маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, икки томонлама ҳужжатлар сайёҳлик, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, қурилиш ва банк соҳаларини қамраб олади.

2016 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,2 млрд долларни ташкил этиб, уларнинг қарийб 709 млн доллари Ўзбекистоннинг Туркияга экспортига тўғри келади. Жорий йилда мазкур кўрсаткичнинг 1,4 млрд долларга етказилиши режалаштирилган. «Ушбу рақамлар жами аҳолиси 110 миллион кишини ташкил этувчи икки давлат салоҳиятига жавоб бермайди. Биз муҳим нуқтага етиб келдик, бироқ бу етарли эмас. Дунё иқтисодиёти мавҳум истиқболга эга шароитда биз икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашимиз лозим», — дея қайд этди Туркия бош вазири ўринбосари Туғрул Туркеш.

Ҳамкорликнинг бошқа муҳим йўналишларидан бири сифатида туризм соҳаси тилга олинди. Турк компаниялари билан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида замонавий меҳмонхона мажмуаларини қуриш, шунингдек сайёҳлик инфратузилмаларини ривожлантириш ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича келишувларга эришилди.

Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи ўзбек ҳамкасбларидан Туркия фуқаролари учун виза тартибини соддалаштиришни сўради. «Мамлакатимизда юз мингдан бир миллион нафаргача сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф буюришни хоҳлайди. Маданий ва диний туризмни ривожлантириш мумкин. Бироқ бу ерда виза масаласи жуда муҳим, — дея қайд этди вазир. — Шунингдек сизлардан турк ҳайдовчиларининг мамлакатингизда эркин ҳаракатланишини таъминлашингизни сўраган бўлардик. Ўз навбатида биз ҳам ўзбек ҳайдовчилари учун худди шундай шароитларни тақдим этамиз».

Туркия маданият ва туризм вазири Наби Авжи ҳам худди шундай таклифларни ўртага ташлади. У тадбиркорлар ва маданият соҳаси вакиллари учун виза тартибини соддалаштиришга эътибор қаратди. «Ўзбекистон ва Туркия ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишув 1997 йилда имзоланган эди. Шунча вақт ўтганига қарамасдан ҳужжат янгиланмади ва унга қўшимчалар киритилмади. Худди шу йили имзоланган маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ҳам янгиланишларга муҳтож», — деди у.

«Бу туризмни ривожлантириш бўйича маҳкамалар ўртасида сўнгги 13 йил ичидаги илк йиғилиш. Биз мунтазам равишда — йилда бир марта амалий учрашувларни ўтказиб боришга келишиб олдик. 2018 йилда йиғилиш Туркияда бўлиб ўтади. Йил охирида биз Ўзбекистонда турк инвесторлари учун инвестицион форум ўтказишни режалаштирганмиз. Бу икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда катта қадам», — дея хабар қилинди Туркия Маданият ва спорт вазирлигидан «Газета.uz"га.