Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги сайланган бош директори Тедрос Гебрейесус Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 70-сессиясида учрашди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

52 ёшли Эфиопиянинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Тедрос Гебрейесус 23 май куни ташкилот сессияси доирасида ЖССТ раҳбари этиб тайинланди. У ўз лавозимига 1 июлдан киришади. У ЖССТга раҳбарлик қилган илк африкалик бўлди.

Алишер Шодмонов билан учрашув жараёнида Тедрос Гебрейесус ўзи олиб борган сайловолди кампаниясида илгари сурган ғояларининг асосий қисми Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган устувор мақсадлар билан ўзаро мос келишини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасида Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёрлигини билдирди.

ЖССТнинг янги раҳбарига мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режалар ва дастурлар ҳақида маълумот берилди.