Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти тарихий-маданий аҳамиятга молик қадимий қўлёзмалар ва замонавий ёзма манбаларни сақлаш ва ўрганиш бўйича Ўзбекистоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасаси сифатида белгиланди. Ўзбекистон Президенти 24 май куни тегишли қарорини имзолади.

Шарқ қўлёзмалар фондини сақлаш ва реставрация қилиш, араб ёзувидаги ёзма ёдгорликлар ва эпиграфика намуналарини тадқиқ қилиш, уларнинг аслияти ҳамда ўзбек ва хорижий тилларга таржимасини нашр қилиш институт вазифаларидан этиб белгиланди.

Институт ходимлари ўрта асрларда яшаб, илм-фан билан шуғулланган ўрта осиёлик олимларининг математика, астрономия ва физика, тиббиёт, кимё ва география, тарих, адабиёт, фалсафа, шунингдек ислом ва диншуносликка оид илмий ёдгорликларини ўрганади.

Аҳолида сақланаётган ноёб қўлёзмалар, литографик нашрлар ва тарихий ҳужжатлар Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси томонидан сотиб олинади.

Қадимий қўлёзмаларни реставрация қилиш ва сақлаш билан шуғулланувчи институт ходимлари қадимий ёзма манбаларнинг ўзига хослиги ғамда юқори илмий тоифа ва кўникмалар талаб қилишига қараб ойлик иш ҳақига 30 фоиз миқдорида қўшимча устама олишади.