Тошкентдаги тижорат банклари Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум ташкил этади. Унинг бошланғич устав капитали 50 млрд сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 24 майда имзоланган касаначиликни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида сўз боради.

Консорциум замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилишга касаначи ва (ёки) касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи корхоналарга заёмларни ажратиши мумкин.

Тўқима ва трикотаж, мебель, галантерея (атторлик), қандолат ва нон маҳсулотлари маҳсулотларини ишлаб чиқариш, электротехника маҳсулотларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш ҳамда боғдорчилик ва ободонлаштириш хизматлари учун заём олиш мумкин.

1 июлдан бошлаб касаначилар учун жисмоний шахсларга қўлланиладиган даромад солиғи қатъий 7,5 фоиз миқдорида белгиланди.

Консорциумнинг тузилмавий бўлинмалари касаначиларга ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун маркетинг олиб бориш ва буюртмачиларни излашда ёрдам кўрсатади.