Президент Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича қарорга имзо чекди. Бу ҳақда «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида хабар қилинди.

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқарув органлари, жойлардаги ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотларнинг барча даражадаги раҳбарлари зиммасига қарамоғидаги объект ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилди.

Қарорда мутасадди шахслар ҳар чоракда қарамоғидаги объект ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги ҳолати бўйича танқидий таҳлилларни амалга ошириши мажбурийлиги белгилади.

Ҳар чоршанба куни ёнғин профилактикаси куни деб белгиланди. Аввалроқ эса Президент таклифи билан ҳар пайшанба куни жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни деб эълон қилинган эди.

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматига барча даражадаги ҳокимлар билан биргаликда содир бўлган йирик ёнғинлар сабабларини чуқур ва танқидий таҳлил қилиш, уларнинг содир бўлиш сабабларини ўрганишни ташкил этиш вазифаси юклатилди. Таҳлиллар натижалари бўйича ёнғинлардан огоҳлантириш бўйича йўл харитаси тасдиқланади.

Телевидение орқали ёнғинлар билан боғлиқ ҳодисаларни ёритиш ҳамда ёнғинлар ва уларни бартараф этиш бўйича тезкор репортажларни намойиш этиш режалаштирилмоқда.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимиятлари қошида ёнғин хавфсизлиги комиссиялари ташкил этилади. Уларнинг асосий вазифалари ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ёнғинларни келтириш чиқарадиган сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш кабилардан иборат.