Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети жорий йилда абитуриентларни кириш имтиҳонига ўтказишни назорат қилиш ва бошқаришнинг биометрик тизимини жорий этади.

Махсус дастурий таъминот биометрик маълумотларни олиб, таҳлил қилади ва сақлайди, деб хабар қилди Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

Тизим абитуриентларни имтиҳон ўтказиладиган жойга ўтказишнинг идентификацион механизмини ўзида ифода этади. Имтиҳон топширувчиларнинг бармоқ излари сканери ва биометрик паспорт маълумотлари бўлган ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.

Хабарда қайд этилишича, мазкур тизим нафақат абитуриентларни имтиҳон жараёнига ўтказиш устидан назоратни соддалаштиради, балки натижаларни сохталаштириш, имтиҳон ўтказилувчи бинога бегона шахсларнинг ноқонуний равишда киришини ҳам чеклайди.

Бундан ташқари, жорий йилда абитуриентлардан ҳужжатлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади. Бу қабул комиссиясига ҳужжат топширишда навбатларнинг камайишига хизмат қилади.