23 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатга ташриф буюрган Европа парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кичик қўмитаси делегациясини қабул қилди. Делегация таркибидан депутатлар Ёзеф Вайденҳолзер (Австрия), Клаус Бухнер ва Ёахим Зеллер (Германия) ўрин олган.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, Европа депутатлари ташрифи дастуридан Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари, вазирлик ва идоралар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўрин олган.

ТИВда бўлиб ўтган суҳбат давомида Европарламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кичик қўмитаси кун тартибига кирувчи соҳаларда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари бўйича қўшма кичик қўмита ва Инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотнинг алоҳида механизмининг Ўзбекистон-Европа Иттифоқи шаклидаги мунтазам мажлислари ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан тизимли ва конструктив асосда фикр алмашиш имконини яратади.

Депутатлар илтимосига биноан 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида Европа томонига маълумот берилди. Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган изчил ҳаракатлар ислоҳотларнинг ажралмас қисми ҳисобланиши таъкидланди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.