Президент Шавкат Мирзиёев 21 май куни Ар-Риёдда Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида қатор мамлакатлар раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда «Ўзбекистон» телеканалида махсус репортажда маълум қилинди.

Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд билан учрашувда Ўзбекистон Президенти ушбу нуфузли форумга таклиф этгани учун миннатдорчилигини билдирди. Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий юртидан салом ва қайноқ тилакларни билдиришидан мамнунлигини қайд этди.

Подшоҳ Саудия Арабистони Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб, ўзбек халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашувида Америка раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида ўз фикрини билдириб, уларни юқори баҳолади. Ўзбекистон Президенти икки мамлакат муносабатлари ҳамда сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янги даражага кўтариш учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлаб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Покистон Бош вазири Навоз Шариф, Туркия ташқи ишлар вазири Мевлуд Човушўғли ва саммитнинг бошқа иштирокчилари билан учрашиб, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.

Мазкур форум экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, бағрикенглик ғояларини илгари суриш, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.