23 май куни Ўзбекистон ички ишлар вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Россия ички ишлар вазири полиция генерали Владимир Колокольцев 2017−2018 йилларда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида баённомани имзолади.

Тадбир Тошкентда Россия ИИВ раҳбарининг Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Россия ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, баённома икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари экспертлари томонидан тайёрланган.

«Мазкур ҳужжатни ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини янада ривожланишини белгилаб берувчи ва мамлакатларимиз ҳудудида жиноятчиликка қарши курашга тизимли ёндашишга имкон берувчи дастур сифатида қарамоқдамиз», — деди Владимир Колокольцев.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш маҳкамалари раҳбарлари ҳамкорликнинг устувор масалалари, жумладан терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция ва қидирув фаолияти соҳаларида ахборот алмашинув бўйича ўзаро ҳамкорлик ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Владимир Колокольцев ноқонуний миграция ҳамда меҳнат фаолияти ва меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича икки рус-ўзбек ишчи гуруҳи ишини яқин вақтлар ичида жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.