Хивадаги «Нуриллабой» тарихий мажмуаси реставрация ва реконструкция қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 19 майдаги қарорида сўз боради.

Ҳужжатга мувофиқ, реконструкция ишлари Хиванинг тарихий-архитектуравий ва туристик салоҳиятини ривожлантириш, жамоатчиликни тарихий ёдгорликлар ҳамда ноёб маданий ва тарихий намуналар билан таништириш, шунингдек миллий маданият ва анъаналарни сақлашга хизмат қилиши лозим.

Йил давомида тарихий мажмуада янги бинолар ҳам қурилади. Унинг ҳудудида қабуллар уйи, амфитеатр, галерея, ҳунармандчилик устахоналари ва миллий таомлар ресторани бунёд этилади.

«Нуриллабой» тарихий мажмуаси — Хива хонларининг ёзги саройи бўлиб, хорижий мамлакатлар элчиларини қабул қилиш учун қурилган.