23 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Бош вазири Тереза Мей номига Манчестер шаҳридаги террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдириб мактуб йўллади.

Давлат раҳбари ўз мактубида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик ва далда сўзларини етказишни сўради, барча жароҳат олганларга эса тез орада соғайишни тилади, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Душанба куни кечқурун «Манчестер Арена» концерт мажмуасида америкалик қўшиқчи Ариана Гранде чиқиши вақтида портлаш содир бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, 22 киши ҳалок бўлиб, 59 киши жароҳат олди.