«Ўзбекэнерго» ва Туркманистон Энергетика вазирлиги шанба куни электр энергияси транзити соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Икки мамлакат раҳбарларининг Туркманбошидаги «Аваза» конгресслар марказида шанба куни бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича ҳужжатга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов ва Туркманистон энергетика вазири Чаримират Пурчеков имзо чекди.

«Газета.uz"нинг Ўзбекистон Президенти девонидаги ахборот манбасининг хабар қилишича, меморандум электр энергиясини Ўзбекистон энерготизими орқали Туркманистондан Қозоғистон ва Қирғизистонга транзит қилишни кўзда тутади.

У шунингдек электр энергиясини «Туркменэнерго"нинг «Ўзбекэнерго» олдидаги қарздорлигини қоплаш ҳисобидан ўзаро келишилган нарх бўйича етказиб бериш масалаларига ҳам тааллуқли.