Telegram мессенжерида ботлар учун онлайн тўловларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. «Эндиликда сиз ботлар ёрдамида биргина босиш билан ҳар қандай маҳсулот ёки хизматни сотиб олишингиз ёки хоҳлаган нарсангизни сотишингиз мумкин», — дейилади компания блогида.

Эндиликда фойдаланувчи биргина тугмача ёрдамида ботда харидни амалга ошириши мумкин. Биринчи тўлов вақтида ўз картаси маълумотлари ва етказиб бериш учун манзил киритилиши талаб қилинади. Кейинги харидлар учун эса карта маълумотларини такроран киритиш зарур эмас. Бунинг учун Telegram созламаларида икки омилли ҳимоя функциясини ёқиш лозим.

Тўловларни амалга ошириш хизмати билан хоҳлаган банк ёки компания шуғулланиши мумкин. Telegram хабарида келтирилишича, Ўзбекистонда мазкур хизматларни Payme компанияси кўрсатади.

«Газета.uz» ушбу масалада изоҳ сўраб Payme асосчиси Сарвар Рўзметовга мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Telegram орқали тўловларни амалга ошириш ҳозирча ишга тушгани йўқ. «Ҳозирда синовдан ўтказиш босқичидамиз», — деди Сарвар Рўзметов. Унинг қўшимча қилишича, бу жараён тез орада якунига етади.

Telegram орқали харидни амалга ошириш учун Uzcard картаси маълумотларини киритиш ёки Payme ёрдамида рўйхатдан ўтиш лозим.

Тўловлар хавфсизлиги ҳам Payme, ҳам Telegram томонидан таъминланади. «Картани ботга боғлашда созламалардаги икки омилли ҳимоя функцияси албатта ёқилиши зарур», — дея қайд этди Payme асосчиси.

Унинг сўзларига кўра, мазкур функция фойдаланувчининг маблағларини ҳаттоки Telegram’да рўйхатдан ўтган рақам эгаси уни ўзгартирса ёки шунчаки бошқа мобиль ускунасидан фойдаланса ҳам ҳимоялайди. Бундай ҳолларда сақлаб қўйилган маълумотлардан фойдаланиш учун калит сўзни киритиш керак.

Мазкур система Telegram фойдаланувчи, бот эгаси ва мазкур бот фойдаланаётган тўлов тизими ўртасида воситачи вазифасини бажаради. «Сиз киритган тўлов ҳақидаги барча маълумотлар бевосита тўлов тизимига юборилади. Сўнгра тизим тўловингизни кўрса ва тасдиқласа, алоқа маълумотларини буюртмани расмийлаштириш учун ботга жўнатади», — дейилади Telegram хабарида.

Telegram фойдаланувчи маълумотларини ўзида сақламайди ва қайта ишламайди. Шикоятлар ва маблағларни қайтариш масалаларини мустақил равишда ҳал этиш лозим: бот эгаси, тўлов тизими ёки банк орқали. Telegram вазиятни назорат қилиб, фирибгарлик ёки товламачилик билан шуғулланувчи ботларни блоклаш билан шуғулланади.