Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Янги маҳкама Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Республика байналмилал маркази ҳамда Хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши базасида ташкил этилди.

«Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида хабар қилинишича, давлат раҳбарининг «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, фуқаролар онгида ягона кўп миллатли катта оилага мансублик ҳиссини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.

Қўмитага жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, дунё ҳамжамияти билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш каби вазифалар юклатилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элатлар истиқомат қилмоқда. Мамлакатда 138 та миллий маданий марказ ва 34 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда.