Uzbek Tigers ярим профессионал бокс клуби Жаҳон бокс серияси (WSB) чорак финали жавоб учрашуви доирасида меҳмонда Cuba Domadores жамоасидан мағлубиятга учради. Шанба куни Гаванада бўлиб ўтган учрашув мезбонларнинг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади.

52 кг: Йосвани Вейтия vs. Жасурбек Латипов — 3:0 (49/46, 48/47, 49/46)

Осиё чемпиони ва икки карра жаҳон чемпионати совриндори 25 ёшли Жасурбек Латипов (1−1) ҳал қилувчи жангда икки карра ЖЧ совриндори, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси ўйинлари чемпиони 25 ёшли Йосвани Вейтия (21−3) билан баҳсга киришди. Латипов дастлабки уч раундда мудофаага асосий эътибор қаратган бўлса, сўнгги икки раундда ташаббусни қўлга олиб, ғалабага эришди, бироқ ҳакамлар ҳисоб-китоби бўйича кубалик боксчи якунда ғолиб деб топилди.

64 кг: Ласаро Альварес Эстрада vs. Элнур Абдураимов — 3:0 (50/45, 50/45, 49/46)

2015 йилда Осиё чемпионати бронза медали соҳиби 22 ёшли Элнур Абдураимов (6−3) яқиндагина ОЧ олтин медалини ҳам қўлга киритган эди. У WSB чорак финалида уч карра жаҳон чемпиони ва Олимпиада ўйинларининг икки карра бронза медали соҳиби Ласаро Альварес Эстрада (23−1) билан беллашди. Боксчилар 2015 йилги ЖЧ ярим финалида ҳам учрашган, ўшанда кубаликнинг қўли баланд келган эди. Боксчилар зарба алмашишдан чўчишгани йўқ, бироқ Ласаро муваффақиятлироқ ҳаракат қилди ва беш раунд якуни бўйича ғалаба қозонди.

69 кг: Роньель Иглесиас vs. Шаҳрам Ғиёсов — 3:0 (48/47, 49/46, 49/46)

23 ёшли Шаҳрам) Ғиёсов (1−3) икки карра Олимпия ўйинлари совриндори ва жаҳон чемпиони 28 ёшли Роньель Иглесиас (19−4) билан учрашди. Олимпиада чорак финалида улар беллашган, ўзбекистонлик боксчи ишончли ғалабага эришган эди. Бироқ бу сафар рақибига омад кулиб боқди.

81 кг: Хулио Сесар ла Крус vs. Бектемир Мелиқўзиев — 3:0 (48/47, 50/45, 49/46)

Нанкиндаги ўсмирлар Олимпия ўйинлари ғолиби, Осиё чемпиони, жаҳон ва ОЎ-2016 вице-чемпиони 21 ёшли Бектемир Мелиқўзиев (2−2) уч карра жаҳон чемпиони, сўнгги Олимпия ўйинлари ғолиби 27 ёшли Хулио Сесар ла Крус (20−3)га қарши рингга кўтарилди.Спортчилар жуда эҳтиёткор ҳаракат қилишди, асосий эътиборни аниқлик ва реакцияга қаратишди. Кубалик биринчи раундда рақибининг хатоларидан фойдаланган ҳолда бир оз устунликка эга бўлди ва ўзбекистонлик устидан якунда ҳам ғолиб чиқди.

+91 кг: Хосе Лардует Гомес vs. Баҳодир Жалолов — 3:0 (49/45, 50/44, 50/44)

Кечанинг сўнгги жангида 22 ёшли Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов (1−2) 27 ёшли Хосе Лардует Гомес (6−2) билан жанг олиб борди. Сурхондарлик жангни ёмон бошламади, бир неча марта ажойиб зарбаларни берди. Бироқ кубалик боксчи беллашувнинг кечишини ўзгартира олди ва беш раунд якуни бўйича ғолиб бўлди.

«Ўзбек йўлбарслари» Тошкентда ғалаба қозонганига қарамасдан (3:2) икки учрашув якунларига кўра (7:3) Cuba Domadores жамоаси мусобақанинг ярим финалига йўл олди.

Учрашув видеоси