19 май куни Туркманистонга амалий ташриф билан борган Президент Шавкат Мирзиёев «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида ҳордиқ чиқараётган ўзбекистонлик болалар билан учрашди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Жорий йилнинг май ойи бошида Президент Шавкат Мирзиёев билан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқотида Туркманистон Президенти Каспий соҳилидаги болалар соғломлаштириш марказлари ўзбекистонлик болаларни қабул қилишга тайёрлигини билдирган эди.

Ушбу таклифга биноан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан 100 нафар бола «Даянч» болалар соғломлаштириш марказига юборилди.

Шавкат Мирзиёев болалар билан дам олиш таассуротлари, туркманистонлик тенгдошлари билан дўстлик муносабатлари тўғрисида суҳбатлашди, соғломлаштириш марказида яратилган шароитлар билан қизиқди. Болаларга совғалар берди.