Жума куни тунда — 00:45 да Тошкент осмонида узун изга эга ёрқин осмон жисми кузатилди. Ижтимоий тармоқларда унинг парвози тасвирланган сурат ва видеоёзувлар тарқалди.

«Газета.uz» мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Фанлар академиясининг Астрономия институти директори ўринбосари Собит Илёсовга мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳудудига осмон жисмининг қулаши тўғрисида хабар мавжуд эмас.

Институт ходимлари интернетдаги видеоматериалларни таҳлил қилиб,бу оддий метеор ҳодиса, яъни метеор парчаларининг ер атмосферасининг қуюқ қатламларида ёниши, деб баҳолашди.

Метеор моддаси вазни граммнинг бир неча мингдан бир улушидан бир неча граммгачани ташкил этиб, ер атмосферасида унинг ҳаракат тезлиги сониясига ўнлаб километрни ташкил этади. Ишқаланиш натижасида қизиб, парчалар чўққа айланади, ўз йўли бўйлаб майдаланган ҳолда Ерга етмасдан сочилиб кетади, деди Собит Илёсов.

Ижтимоий тармоқлардаги видеодан лавҳа.

Атмосферадан ўтаётган метеор танаси ҳаво атом ва молекулаларини ионлаб, уларнинг ёрқин нур сочишига олиб келади. Метеор ёрқинлиги ва ранги метеор парчалари вазни ҳамда метеор тезлигига боғлиқ. Нур таратиш сониянинг бир неча улушидан 3−5 сониягача давом этиши мумкин.

«Тошкентликлар вазни 100 граммдан ортиқ бўлмаган метеор парвозини кузатишган», — деди Астрономия институти директор ўринбосари. Унинг қўшимча қилишича, метеорнинг пайдо бўлиши атроф-муҳит ва радиацион муҳитга таъсир кўрсатмайди.