Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти бўйлаб сафари жараёнида чоршанба куни Сардоба сув омбори қурилиши билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Жорий йилда қурилиши якунланадиган гидроиншоотда 922 миллион куб метр сув тўпланади. Сув омбори 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтган ҳудудда бунёд этила бошланган эди.

«Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантирмоқдамиз, одамлар такрорий экин экиб, қўшимча даромад топсин. Сардоба сув омбори ҳудуддаги деҳқон ва фермерларга бу борада катта имкониятлар яратади», деди давлат раҳбари.

Президентнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида гидроэнергетика соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Ушбу мамлакат билан ҳамкорликда Сардоба сув омбори ёнида қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанция қурилади. Сув омбори атрофида дам олиш зонаси ташкил этилади.

Президент мамлакатда муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича истиқболли чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётгани, гидроэнергетика соҳасида янги компания тузилиши режалаштирилаётганини таъкидлади.

Шу ерда Мирзаобод туманида амалга оширилиши режалаштирилган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси» унитар корхонаси томонидан балиқчилик, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари ва омихта ем ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Сардоба сув омбори ва Мирзаобод тумани ҳудудида ташкил этиладиган балиқчилик мажмуаси инкубацион цех, интенсив ҳовузлар, балиқни қайта ишлаш заводи, маҳсулотларни сақловчи музлаткични ўз ичига олади. Балиқ учун омихта ем ҳам шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилади. Мажмуа «Сирдарё балиқ саноат» корхонаси учун асосий база бўлиб хизмат қилади.

Сардоба мева-сабзовотлар логистика маркази ҳам кўп тармоқли бўлади. Бу ерда мева-сабзавотлар етиштириш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, музлатиш, сақлаш, қуритиш ва етказиб бериш ташкил этилади.

Мирзаобод туманида ташкил этиладиган чорвачилик комплексида зотдор қорамоллар кўпайтириш орқали аҳолига гўшт ва сут етказиб бериш йўлга қўйилади. Ушбу тумандаги яна бир корхонада сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 3,5 минг тонна сут қайта ишланиб, кенг турдаги маҳсулотлар тайёрланади ва қадоқланади. Тармоқдаги корхоналарни омихта ем билан таъминлаш мақсадида 3 минг тонна омихта ем ишлаб чиқариладиган корхона ташкил этиш мўлжалланган.