10−12 май кунлари Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Тожик ОАВларининг қайд этишича, мамлакатда бу каби тадбирлар сўнгги марта 1997 йилда ўтказилган эди.

Делегация таркибидан 55 нафар артист ва мусиқачи ўрин олди, деб хабар қилди Asia-Plus ахборот агентлиги Тожикистон Маданият вазирлигига таянган ҳолда. Ўзбекистон халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов ва Маҳмуд Номозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Собиржон Мўминов, хонанда Севинч Мўминова, «Ниҳол» мукофоти соҳиблари ҳамда «Ўзбекистон» давлат ашула ва рақс ансамбли Ўзбекистон санъати ва маданиятини намоён этди.

Айний номидаги Давлат академик опера ва балет театрида «Замонавий Ўзбекистон» фотокўргазмаси ташкиллаштирилди. Тожик томошабинларига «Ота» ва «Ойқиз эртаги» фильмлари намойиш қилинди.

Ўзбекистон маданияти кунларининг марказий тадбирлари сифатида Душанбе, Қўрғонтепа ва Турсунзода шаҳарларида концерт дастурлари ўтказилди. Ўзбекистонлик артистлар ўзбек ва тожик тилларида қўшиқлар ижро этди.

«Афсуски, аввалроқ ўзаро маданият кунларини ўтказиш анъанаси бекор қилинган эди ва эндиликда у қайтадан туғилмоқда. Келгусида биз ҳам Ўзбекистонда тожик маданият кунларини ўтказишни режалаштирганмиз», — дея Тожикистон маданият вазири Шамсиддин Орумбекзоданинг сўзларидан иқтибос келтирди Tajikistan Times.