15 май куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси мажлисида Алишер Курманов ва Ботиржон Асадовни Олий Мажлис Сенати аъзолари этиб рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

ТИВ матбуот хизматининг МСКга таяниб хабар қилишича, қарор Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 13 май куни давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг бўшаб қолган ўринларга Ўзбекистон Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сайлови бўйича ўтказилган қўшма мажлислари баённомаларига асосан қабул қилинди.

Алишер Курманов илгари Ўзбекистоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Ботиржон Асадов эса Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган.