Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг my2.gov.uz манзилидаги янгиланган талқинида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар мавжудлигини аниқлаш мумкин бўлган бепул хизмат ишга туширилди. Бу ҳақда Тошкент ИИББда пайшанба куни ўтказилган брифингда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази раҳбари Шерзод Хабибуллаев маълум қилди.

Жарима мавжудлигини текшириш учун автомобиль эгаси маълумотлари — автотранспорт давлат рақами, транспорт эгаси паспорти рақами ва серияси ҳамда суғурта полиси рақами киритилиши лозим.

ЙҲҚ бузилишига оид маълумотлар ҳар соатда янгиланиб туради, юкламалар кўпайган вақтда эса бирмунча кечроқ, бироқ бир кунда бир мартадан кам эмас, дея ойдинлик киритди Шерзод Хабибуллаев «Газета.uz"га.

Суғурта оплиси рақами ихтиёрий равишда киритилади. Мрказ раҳбарининг сўзларига кўра, у келгусида суғурта полисини олишда қонунга итоаткор ҳайдовчилар учун муайян имтиёзлар берилиши тўғрисидаги ахборотларнингмаълумотлар базасига киритилиши учун зарур.

Порталдаги бошқа айрим хизматлардан фарқли равишда, ЙҲҚ бузилганлиги учун жарималар мавжудлигини аниқлашда электрон рақамли имзо талаб қилинмайди.

ЯИДХПнинг янги талқинида электрон ҳукумат фойдаланувчиларининг Ягона идентификацияси тизимидан (id.gov.uz) фойдаланилмоқда. Рўйхатдан ўтиш учун унга жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами, паспорти серияси ва рақами кўрсатилиши лозим.