Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали Тошкент Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлинмаларида бир ой ичида электрон навбат тизими жорий этилади.

Бу ҳақда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази раҳбари Шерзод Хабибуллаев «Газета.uz"га хабар қилди. айни пайтда хизматни синовдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.

«Инфратузилма яратиб бўлинди, экотизим тайёр, эҳтимолий хато ва камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш учун синов даврини якунлаш қолди», — деди марказ раҳбари.

«Ҳозирда биз фуқаролар хизматларга интернет орқали тўловларни амалга оширишлари ва туман бўлимига белгиланган вақтда аниқ кабинетга келишлари учун электрон тўловни жорий этиш устида иш олиб бораяпмиз», — дея таъкидлади у.

Паспорт, фуқаролик ва кириш-чиқишни расмийлаштириш билан боғлиқ хизматлардан фойдаланиш учун электрон навбат Тошкентда синовдан ўтказилганидан сўнг Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам тадбиқ этилади.

Порталнинг my2.gov.uz манзилидаги янги 2.0 талқини хизматлар сони, уларнинг айримлари учун электрон тўловни амалга ошириш имкониятига эгалиги ва бошқа жиҳатлари билан фарқланади. Шахсий кабинетда фойдаланувчи эндиликда зарур хизматлар рўйхатини мустақил равишда шакллантириши мумкин.