Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси икки тилда фаолият юритувчи guvd.uz сайтини тест ҳолатида ишга туширди.

«Сайтда Тошкент ИИББ томонидан ўтказилувчи тадбирлар ўз аксини топади, у ерда барча қизиқтирган масалалар бўйича мурожаат қилиш мумкин», — дея хабар берди ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда.

Ҳозирча сайтда янгиликлар, бошқарма раҳбарияти тўғрисида ахборотлар ва фуқароларни қабул қилиш жадваллари жойлаштирилган, мурожаатлар ҳолатини текшириш бўлими мавжуд.

«Энг кўп берилувчи саволлар», «Қидирувдаги шахслар», «Бедарак йўқолганлар» бўлимлари дастурлаш жараёнида.

Сайт мобиль қурилмалар учун мослаштирилган бўлиб, 102 (ҳодисалар ҳақида хабардор қилиш) ва 1102 (ИИВга ходимларнинг ноқонуний фаолияти устидан шикоят қилиш) рақамларига тўғридан-тўғри қўнғироқ қилиш мумкин.

Дониёр Тошхўжаевнинг таъкидлашича, ички ишлар органлари фаолияти очиқлик ва ошкораликка асосланган бўлиб, ИИВ тизимида содир бўлаётган ўзгаришлар фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришдаги масъулиятини оширишга қаратилган.