БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Олий комиссар Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги делегацияси 10 май куни «Тараққиёт стратегияси» Марказида бўлиб ўтган «Инсон ҳуқуқлари ва ўзаро ҳамкорлик» фуқаролик форумида иштирок этди.

Форум 50 га яқин ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтмоқда. Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад инсон ҳаёти, унинг эркинлиги, ор-номуси, обрўси ва Конституцияда белгиланган бошқа дахлсиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги таклифларни ишлаб чиқиш ва улар юзасидан фикр алмашишдан иборат.

«Фаол фуқаролик жамиятисиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашнинг барқарор тизимини тасаввур қилиш ўта мураккаб, — деди Зайд Раад ал-Ҳусайн. — Айнан шу мақсадларда биз доимо фуқаролик институтлари ва нодавлат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаймиз».

Фуқаролик жамияти институтлари ва ННТлар давлат талаблари асосида шунчаки фаолият олиб борувчи институт бўлмасликлари керак. Улар ўз фикрини билдиришлари, доимий равишда ҳукумат билан мулоқотда бўлиши лозим, деди БМТ Олий комиссари.

«Шунинг учун биз доимо шу каби институтларга кўмак кўрсатиш имкониятларини қидирамиз», — дея таъкидлади у. Барчаси муваффақиятли кечиши учун очиқлик ва шаффофликни, ахборотлардан фойдаланиш эркинлигини зарур даражада таъминлаш лозим.

«Биз бу ерга ҳукумат режалаштирган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун ташриф буюрдик, — деди Зайд Раад ал-Ҳусайн. — Тушунамизки, мазкур ислоҳотлар узоқ муддатга мўлжалланган, бир қанча вақтни талаб қилади, бироқ энг асосийси жараён бошланиб бўлди. Ушбу ислоҳотларда ҳукумат, бир вақтнинг ўзида сизларнинг ҳам (ННТ ва фуқаролик институтлари — таҳр) шеригингиз бўлишни истаймиз, фақатгина биргаликда мавжуд муаммоларни еча оламиз».

Зайд Раад ал-Ҳусайн жамиятнинг ҳар бир вакилининг барча ҳуқуқлари ва барча фунтаментал эркинликларини кафолатловчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминловчи механизм яратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, фаоллар, НТТ, фуқаролик институтлари ва ОАВ вакиллари иштирокидаги бундай йиғилиш сўнгги 12 йилда илк бор ташкиллаштирилгани қайд этилди.

«Ўзбекистон ўзгармоқда ва биз мазкур ўзгаришларда мамлакатингизн қўллаб-қувватлаш учун шу ердамиз», — деди у.

БМТ Олий комиссари бошқармаси делегацияси Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюриб, Халқаро иқтисодиёт ва дипломатия университети талабалари билан учрашади.