Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахт бўйлаб сафари жараёнида шанба куни Яшнобод туманидаги «Тошкент қоғози» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди, деб хабар қилди ЎзА.

«Тошкент қоғози» масъулияти чекланган жамиятининг умумий ер майдони 12 гектардан зиёд, бино ва иншоотлар майдони 4,5 гектар. Бу ерда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун зарур инфратузилма, тайёр имконият мавжуд.

Президент бу ердаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, завод биноларини ишбилармон ва тадбиркорларга имтиёзли асосда ижарага бериш, уларда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Шу ернинг ўзида Яшнобод туманида амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Тижорат банклари кўмагида туманда дори ва тиббиёт воситалари, махсус кийимлар, ёғ ва ем маҳсулотлари, травертин ва мармар плиталар, сим ўрамлари ишлаб чиқариш, кўнгилочар масканлар, замонавий бозор ва хусусий клиника ташкил этиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари ушбу лойиҳалар билан танишиб, уларнинг ҳар бири бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.