4 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017—2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, охирги 40−50 йилда саноат ва қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланиши чучук ер ости сувлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатди, бу ўз навбатида сув олиш иншоотларининг рухсатсиз қурилиши ва сувни назоратсиз олиш оқибатида конлардаги захираларнинг 35 фоизга қисқаришига ҳамда айрим манбаларда сув захираларининг тугашига олиб келди.

Республиканинг айрим ҳудудларида ер усти сувларини чиқариб ташлаш тармоқлари ва дренаж тизимларининг қониқарсиз ҳолати, ер ости сувлари сатҳининг интенсив кўтарилиши, шунингдек, режали асосда гидрогеологик мониторинг олиб борилмаганлиги оқибатида айрим шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ер ости сувлари сатҳининг кўтарилиши кузатилмоқда.

Ер ости сувлари мониторингининг 1465 кузатув пунктидан иборат амалдаги тизими сув манбаларининг ифлосланишига, ер ости сувлари захираларининг камайишига ва аҳоли пунктлари ҳудудларида ер ости сувлари сатҳининг кўтарилишига олиб келаётган салбий омилларни ўз вақтида ва тўлақонли баҳолаш имконини бермаяпти.

шу йилнинг февраль-март ойларида 10 мингдан ортиқ сув қудуғи бўйича ўтказилган хатлов натижалари айтиб ўтилган салбий омилларнинг ер ости сувлари ҳолатига таъсири давом этаётганидан далолат беради. Хатлов натижалари:

  • 60 фоиздан ортиқ қудуқлардан ер ости сувлари назоратсиз олинаётгани ҳамда уларнинг ифлосланиши ва захираларининг камайиши давом этаётганини;
  • 59 фоиз ер ости сувлари тасдиқланмаган захиралардан олинаётганини;
  • яқин ўн йиллар мобайнида чучук ер ости сувлари мавжуд ресурсларининг ярмидан кўпини тиклаб бўлмас тарзда йўқотишнинг реал хавфи мавжудлигини яққол кўрсатди.

Ўзбекистон Президентининг ушбу қарори юқорида кўрсатиб ўтилган муаммоларни зудлик билан ҳал этиш заруратидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинди. У айни пайтда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш ва шу асосда мамлакатимиз аҳолисини сув билан таъминлаш сифатини яхшилашга ҳамда айрим шаҳарлар ва туманлар марказларида ер ости сувлари сатҳлари кўтарилишининг олдини олишга йўналтирилган.

Авваламбор, ушбу қарор билан 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилади:

  • белгиланган тартибда рухсат олинмасдан, бироқ техник талабларга риоя этилган ҳолда қазилган қудуқлардан фойдаланиш тегишли сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан келгусида белгиланган тартибда фойдаланиш учун расмийлаштирилиши лозим;
  • белгиланган тартибда рухсат олинмасдан ва техник талабларга риоя этилмасдан қазилган қудуқлар тегишли сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларини муқобил сув манбаларига улашни ҳисобга олган ҳолда белгиланган тартибда тугатилади;
  • юридик ва жисмоний шахсларга сув олиш учун қудуқ қазишга белгиланган тартибда гидрогеологик хулоса бериш фақат Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг гидрогеология корхоналари томонидан амалга оширилади;
  • сув олиш учун қудуқ қазишга рухсатномалар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат экологик экспертизаси хулосаси мавжуд бўлган тақдирда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилади.

Ушбу ҳужжатда ер ости сувларини ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш юзасидан назорат ва ҳисоб-китобнинг таъминланиши учун ваколатли давлат органларининг ҳамда сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, олинаётган сув ҳажмини тўлақонли тарзда ҳисобга олиш, шунингдек, уларнинг ифлосланиши ва камайишига йўл қўймаслик бўйича вазифалари белгиланган.

Мазкур қарор билан тасдиқланган 2017−2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари дастури соҳада муҳим ўрин тутади.

Дастур:

  • ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва уларни ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари комплексини;
  • чучук ер ости сувларининг тасдиқланган захираларини кўпайтиришнинг мақсадли параметрларини;
  • ер ости сувлари мониторинги бўйича кузатиш пунктлари тармоғини кенгайтириш параметрларини;
  • Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси гидрогеология корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудий гидрогеология станцияларининг ишлаб чиқариш базаларини қуриш ва жиҳозлаш чора-тадбирларини;
  • шаҳарлар ва туманлар марказларида дренаж ва кузатув қудуқларини ҳамда коллекторларни қуриш ва уларни мукаммал таъмирлаш параметрларини ўз ичига олади.

Дастурни молиялаштириш учун Давлат бюджети, халқаро молиявий институтлар ва маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан 396 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, мамлакатда чучуклаштириш қурилмаларини саноат усулида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва тегишли аҳоли пунктларини жиҳозлаш учун 2017 йилнинг охиригача Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида тажриба-синов ишларини ўтказиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги корхоналарини мутахассис кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ирригация ва мелиорация институтида «Мелиоратив гидрогеология» таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашни ташкил этиш кўзда тутилган.