Сел, сув тошқини ва кўчки хавфи остида яшаётган 151 хўжаликдан 696 киши хавфсиз жойларга кўчирилди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Жумладан, Сурхондарёда 515, Самарқандда 71, Тошкентда 61, Наманган вилоятида 11 киши вақтинча яшаш учун кўчирилди.

Қашқадарё вилоятида 21 киши доимий яшаш учун хавфсиз ҳудудга кўчирилди. 1 та хўжалик 5 нафар фуқаро уй-жойига хавф солган кўчки массаси махсус техника ёрдамида олиб ташланиб, хавф бартараф этилди.

Самарқанд вилоятида 12 фуқарони муҳофаза қилиш мақсадида, қирғоқ мустаҳкамлаш ишлари олиб борилиб, уларга бўлган хавф бартараф этилди.

Йил бошидан буён Андижон, Фарғона, Жиззах ва Наманган вилоятларида жами бўлиб 167,6 минг метр куб тош-шағал ишлари, 13,5 минг метр куб харсанг тош ишлари амалга оширилди.