Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клуби бош мураббийлигига Миржалол Қосимов тайинланди. Тренерлик штабида у билан бирга Александр Волков ва Шуҳрат Мақсудов фаолият олиб боради, деб хабар берди клуб матбуот хизмати.

Жамоанинг Осиё Чемпионлар лигаси ва мамлакат чемпионати биринчи қисмидаги қониқарсиз натидалари сабабли «Бунёдкор» бош мураббийи Сергей Лушан ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этган эди. Унинг раҳбарлиги остида Тошкент клуби 122 та учрашув ўтказиб, уларнинг 63 тасида ғалаба қозонди, 27 тасида дуранг ўйнаб, 32 тасида мағлуб бўлди.

Миржалол Қосимов клубда 2007—2008 ва 2010−2014 йилларда фаолият олиб борган. У «қалдирғочлар"ни 191 учрашувда мураббий сифатида бошқарган. Унинг раҳбарлигида жамоа уч марта мамлакат чемпиони бўлди ва Ўзбекистон кубогини қўлга киритди, икки марта Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалига чиқди.

«Жамоа аъзоларига «Бунёдкор"нинг аввалги мавқеини тиклаш ҳамда Осиё Чемпионлар лигасининг келаси мавсумига йўлланма олиш вазифаси юклатилди», — дейилади клуб хабарида.