Тошкентда чоршанба куни Кинематографияни ривожлантириш маркази очилди, дея хабар берди «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати.

Марказ вазифалари қаторига кино бозори иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатда продюсерлик институти ва кинопрокат тизимини ривожлантириш, кинофестиваллар ташкил қилиш, миллий сериаллар суратга олиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиш кабилар киради.

Февраль ойида рўйхатдан ўтган марказ, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси, ёш кинорежиссёр Муҳлиса Азизовага фильм суратга олиш ишларида ёрдам берди. «Она» номли қисқа метражли тасмада Раъно Шодиева ва Карим Мирходиев билан биргаликда Дмитрий Дюжев суратга тушди.

Рус актёри 8 май куни талаба-кинематографлар учун ўтказиладиган мастер-классда иштирок этиш мақсадида Тошкентга келади. «Она» фильми 70-Канн Халқаро кинофестивалига тавсия қилинди ва қисқа метражли тасмалар йўналишида кўрсатилади.