Андижон шаҳар жамоат транспорт тизимида нақд пулсиз тўлов жорий этилиши бошланди. Электрон карталар орқали тўлов 14 йўналишдаги 150 та автобусда қабул қилинмоқда.

Бу тизим дастлаб Ўзбекистонда ишга тушди, дея қайд этди Ўзбек автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бўлим бошлиғи Абдурашид Тўлаганов.
Унинг айтишича, карта орқали амалга оширилган ҳар бир тўлов бевосита ташувчи-ташкилот ҳисобига бориб тушади.

Карточканинг ўзи 15 минг сўм туради, уни автобекатлардан ёки банклардан сотиб олиш ёхуд балансини тўлдириш мумкин. Картанинг Ўзбекистон ҳудудида амал қилиш муддати икки йил бўлиб, ундан бутун оила аъзолари фойдаланиши мумкин. Кейинчалик балансни тўғридан-тўғри онлайн-карта орқали тўлдириш жорий этилади.Тўлов амалга ошиши учун назоратчи картани валидаторга теккизиши керак. Тўлов амалга оширилганини тасдиқлаш мақсадида сана, вақт, йўналиш номи, автобус ва карта рақами ҳамда қолган маблағ ҳақида ҳисоботлар қайд этилган чипта (чек) берилади. Бусиз йўл ҳақи тўланмаган ҳисобланади.

Электрон тўлов тизимидан ташқари Андижондаги автобуслар GPS-модуллар билан жиҳозланди. Улар ёрдамида ёпиқ турдаги бекатларга ўрнатилган мониторлар айни вақтда автобус қаерда ва қанча вақтда етиб келишини билиш мумкин.