Шавкат Мирзиёев 2 май куни Ўзбекистон Президенти лавозимига киришганидан буён илк маротаба бошқа давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди, маросим «Ўзбекистон» телеканали орқали намойиш этилди.

Президентга Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари этиб тайинланган Эдуардс Стипрайс, Қирғизистон, Франция, Италия, Чехия, Япония, Миср, Туркия ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Данияр Сидиқов, Виолен де Вильмор, Андреа Бертоцци, Ярослав Сиро, Нобуаки Ито, Амани ал-Итр, Аҳмет Башар Шен, Ҳишам бин Мишал ал-Сувейлим ишонч ёрлиқларини топширди.

Шавкат Мирзиёев дипломатик миссиялар раҳбарларини самимий қутлар экан, Ўзбекистон ушбу давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлади.

«Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб пухта ўйланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев. Унинг замирида халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданияти, анъана ва қадриятлари, эзгу орзу-интилиш ва манфаатлари мужассамдир».

Давлат раҳбари элчиларни Ўзбекистонда иш бошлаётгани билан самимий табриклаб, уларнинг масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади.

Шавкат Мирзиёев элчилар банд бўлишига қарамасдан Ўзбекистоннинг бетакрор шаҳар ва қишлоқларига ташриф буюриш, Ўзбекистон халқи ва анъаналарини яхшироқ билишлари учун вақт топишларига умид билдирди.

«Бизнинг қадимий Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Қарши… Қорақалпоғистон, Фарғона водийси шаҳарларимиз — ҳурматли элчиларимиз ҳудудларга қанча кўп ташриф буюришса, тарихимиз, анъаналаримиз, халқимиз ҳақида шунча яхши билишади. Шахсан мен шунинг тарафдориман», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини ривожлантиришда энг юқори самарадорликка эришиш учун элчиларга ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳар чоракда Ташқи ишлар вазири, бош вазир ва барча ҳукумат аъзолари билан учрашиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича маслаҳатлашиш, эришилган натижалар ва келгуси режаларни муҳокама қилишни таклиф этди.

«Хуш келибсиз Ўзбекистонга! Хуш келибсиз бизнинг гўзал юртимизга!» — дея элчиларни қутлади Президент ўз нутқи якунида.