БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамкорликда энергия жиҳатидан самарали ва кам углеродли қишлоқ уйлари ҳамда қишлоқ аҳоли пунктларини лойиҳалаш ва қуришни амалга ошириш бўйича кенг кўламли янги қўшма лойиҳани ижро этишга киришади. Бу ҳақда БМТТД ваколатхонаси «Газета.uz"га хабар қилди.

Глобал экологик фонд ва БМТТД томонидан ажратилаётган грант маблағлари ҳисобига умумий бюджети 6,3 млн доллардан иборат бўлган янги лойиҳа уй-жой секторида энергия ва ресурсларни тежашни кучайтириш бўйича муҳим ва инновацион вазифаларни бажаришга йўналтирилган. Ушбу лойиҳанинг миллий ва глобал миқёсда иссиқхона газларининг ҳавога чиқарилишини қисқартиришга ҳамда Париж Битими мақсадларига эришишни таъминлаш йўлида мамлакатга янада кенг кўламли молиявий маблағларни жалб қилишга ҳисса қўшиши кутилмоқда. Ўзбекистон мазкур битимга 19 апрель куни аъзо бўлган.

2016 йилнинг охирида Ўзбекистон Президенти томонидан 2017−2021 йилларда Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида такомиллаштирилган намунали лойиҳалар асосида арзон уй жойларни қуриш бўйича янгиланган Дастур маъқулланган эди. Дастурда янги йўналиш ва вазифалар белгилаб берилди, улар энергия жиҳатидан самарали ва кам углеродли биноларни қуриш учун истиқболли имкониятларни очмоқда. Бу эса энергияни янада кўпроқ тежаш ва иссиқхона газларининг ҳавога чиқарилишини камайтиришни таъминлайди.

Бинолар секторида иссиқхона газларининг ҳавога чиқарилиши глобал даражаси 1970 йилдан буён икки маротабадан кўпроқ ошди ва 2010 йилда СО2-эквивалентида 9,18 Гига тоннага етди. Бу эса ҳавога чиқаётган иссиқхона газлари умумий миқдорининг 19 фоизи демакдир. Бинолар секторида иссиқхона газларининг атмосферага чиқарилишини қисқартириш салоҳияти катта. Чунки, ҳисоб-китобларга кўра, биноларда энергия истеъмоли самарадорлигини ошириш эвазига СО2-эквивалентда йилига иссиқхона газларини ҳавога ташлаш ҳажмини қарийб 3,3 4 Гига тоннага (мазкур секторда атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газлари умумий йиллик ҳажмининг 50 фоизи) қисқартириш мумкин.