29 апрель куни Навоий вилоят кўп профилли тиббиёт марказида Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан ажратилган беғараз грант ҳисобидан етказиб берилган 5,61 млн доллар қийматидаги япон ускуналари тақдимоти бўлиб ўтди. Маросимда вилоят ҳокими Қобул Турсунов, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Нобуаки Ито ва соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Атахонов иштирок этди.

JICA тиббиёт марказига92 турдаги юқори технологияли ускуналарни тақдим этди. Компьютер магнитно-резонанс томограф, масофавий литотриптор, рентген, жарроҳлик, анестезиологик техника УЗИ ускунаси шулар жумласидан. Муассасада эндиликда юрак, қон-Томир касалликларини даволашга имкон берувчи ангиограф, кўз касалликларини даволаш учун лазер ускуна мавжуд.

Янги ускуналар билан ишлаш учун Япония ва Россия ОТМ ва шифохоналарида таҳсил олган ҳамда малака оширган мутахассислар жалб қилинди.

«Авваллари юрак, қон-томир касалликларига чалинган одамлар Тошкентда даволанишга тўғри келар эди, — дейди Токио университетида интервенцион кардиология йўналиши бўйича икки йиллик клиник ординатура таҳсилини ўтаган кардиолог-шифокор Нозима Бўронов. — Эндиликда навоийликлар кўп вақт ва маблағини сарфлашлари шарт эмас. Яқин келажакда маҳаллий мутахассислар юракда минимал жарроҳлик аралашуви билан мураккаб операцияларни ўтказишлари мумкин».

Навоий вилоят кўп профилли тиббиёт марказида 50 нафардан зиёд шифокор ва 200 нафарга яқин ҳамшира фаолият олиб боради.