Ўзбекистон ички ишлар вазири Абдусалом Азизов 2 май куни Халқаро пресс-клуб йиғилишида ИИВнинг турли таҳдидлар, жумладан терроризм ва диний экстремизмга қарши курашдаги имкониятлари тўғрисида сўзлаб берди.

Шу кунларда ички қўшинларни Ички ишлар вазирлиги сафига қабул қилиш ишлари якунланди, дея хабар қилди у.

«Президент қарори билан мазкур қўшинлар бизга қайтарилди. 1 майдан улар юридик жиҳатдан тўлиқ ИИВга қарамоғида», — дея қайд этди Абдусалом Азизов. Унинг қўшимча қилишича, вазирлик уларни махсус тайёргарликдан ўтказиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Вазир тез орада ИИВ қошида тезкор ҳаракатланувчи махсус отрядлар шакллантирилишига ишонч билдириб, мамлакат раҳбариятининг яна бир қарори қабул қилиниши кутилаётганини таъкидлади.

«Мен аминман ва сиз ҳам амин бўлингки, ҳар қандай тажовузга қарши туриш учун етарлича кучга эгамиз», — дея таъкидлади вазир.

Абдусалом Азизов Ўзбекистонда муайян муддат хорижда бўлиб қайтган айрим фуқароларнинг ватандошларига салбий таъсир кўрсатишини бартараф этиш бўйича катта ҳажмли тезкор-қидирув ишлари олиб борилаётганини сўзлаб берди.

«Кўплаб фуқароларимиз ислом дини асосларини билмаган ҳолда Россиянинг Кавказ орти ҳудудида ваҳҳобийлар жамоатларига қўшилиб, ушбу йўлдан бормоқда. Жуда кўп ҳолларда алдов йўли билан катта пул эвазига фуқаролар Туркияга, у ердан Сурияга бориб қолмоқда».

«Яширмайман, деярли ҳар куни биз қайтиб келиб ваҳҳобийлик ғоясини тарғиб қилишни бошлаётган кишиларни аниқламоқдамиз. Кўп уринишлар бўлмоқда, бироқ биз барчасига барҳам бераяпмиз», — дея маълум қилди ИИВ раҳбари.