Хотира ва қадрлаш куни (9 май) арафасида UZINFOCOM Маркази 1941−45 йиллардаги уруш ветеранларига бағишланган Xotira.uz сайтини ишга туширди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг хабар қилишича, бугунги кунда ҳаёт бўлган даҳшатли уруш иштирокчилари ва қаҳрамонлари исмлари ягона ресурсда умумлаштирилган бўлиб, мазкур ресурс ҳар бир уруш фахрийси, мукофот ва жасоратлари тўғрисидаги маълумотлари билан бойитилган.

Сайтдан уруш майдонида жанг қилган ўзбекистонликлар фотосуратлари, уларнинг жасоратлари тўғрисидаги тарихий маълумотлар ҳамда Хотира ва қадрлаш куни байрами тўғрисидаги янгиликлар ўрин олган. Фойдаланувчилар ҳам сайтга жойлаштириш учун ўзларидаги маълумотлар ва фотосуратларни юборишлари мумкин.

Бу ерда «Камолот» Ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан бепул тарқатилаётган 9 май ва Ўзбекистон байроғи рамзи туширилган махсус лента ва стикерларнинг тарқатилиш манзиллари рўйхати ҳам келтирилган.