1 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Ашхобод шаҳрида (Туркманистон) «Марказий Осиё + Япония» Мулоқоти иштирокчи давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг олтинчи кенгаши ишида иштирок этди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, форумда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Япония ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Савдо ва инвестиция соҳаларида, жумладан қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва логистика тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги минтақавий ҳамкорликни жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва маданий-гуманитар ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Олти давлат ТИВ раҳбарлари минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва халқаро майдонда ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашишди.

Кенгаш якунларига кўра Қўшма баёнот ҳамда транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги «Йўл харитаси» қабул қилинди.