Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz"га ТДЮУдан хабар қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, Адлия вазирлиги тузилмасига адлия вазири ўринбосари — ТДЮУ ректори лавозими жорий этилади. Университетда таълим юкламаларини оптималлаштириш, жумладан назарий таълим давомийлигини қисқартириш, мустақил тайёргарликка алоҳида эътибор бериш, аттестация мунтазамлигини ошириш кўзда тутилмоқда. ОТМдан изоҳ берилишича, бу талабаларнинг мустақил таълим олишини кучайтириш, ўқув машғулотлари сифати ва самарадорлигини кўтариш, ҳуқуққа оид амалиётни ўқитиш улушини ошириш, талабаларга оралиқ ва якуний имтиҳонларга тайёргарлик кўриш учун кўпроқ вақт ажратиш ҳамда педагогик ходимларга ўз устида ишлаш, илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширишга имкон яратиш сингари мақсадларга хизмат қилади.

Университетда талабаларнинг академик мобиллигини таъминлаш мақсадида кредитларни (ўқув вақтининг шартли синов бирлиги) кўчириш ва жамғариш тизими жорий этилади. Ривожланган мамлакатлар амалиётида кредитларни кўчириш ва жамғариш тизими талабаларни бир таълим муассасасидан бошқасига ўтказишда кенг қўлланилади.

Қарорда ТДЮУ талабалар қабул квотасини ошириш ҳам белгиланган. Қабул квотаси 600 ўринни ташкил этиб, келгусида қонунчиликка биноан қимматлаштирилган тўлов-шартнома асосида қўшимча қабулни амалга ошириш имконияти мавжуд. Квотанинг кўпайтирилиши олий юридик таълим оммабоплиги, юридик кадрлар рақобатбардошлиги, суд-ҳуқуқ тизимини кадрлар билан таъминлаш, нодавлат соҳалар, жумладан бизнес тузилмаларнинг ҳуқуқшунос мутахассисларга бўлган эҳтиёжини қондириш, ходимлар меҳнатини моддий рағбатлантириш ҳисобига юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда университетга қўшимча молиявий маблағларни жалб қилиш ва уларни ОТМ ривожи йўлида сарфлаш имконини яратади.

Хориж фуқароларини ТДЮУ бакалавр босқичига суҳбат асосида тест синовларисиз қабул қилиш тартиблари ҳам ўрнатилди. Бунда ТДЮУ квотасидан ташқари қабул қилинувчи номзодлардан таълим тилини билиш талаб қилинади. Чет эллик талабаларнинг қабул қилинишиТДЮУ халқаро рейтинги ва миллий юридик таълим рақобатбардошлигининг кўтарилишига хизмат қилади.

ТДЮУга амалиёт талабларини ҳисобга олган ҳолда битирувчиларга қўйилувчи малакавий талаблар, ўқув режалари ва ўқув дастурлари сингари ўқув-норматив ҳужжатларни мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ваколати берилди. Бу ўқув жараёнини иш берувчилар, шунингдек жадал тараққий этиб бораётган юридик таълим ва глобал даражадаги ҳуқуқ амалиёти талабларига мунтазам равишда мослаштириб боришга имкон беради.

ТДЮУ васийлик кенгашини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. У давлат, жамоатчилик ва бизнес тузилмалар билан битирувчиларни иш билан таъминлаш, олий юридик таълимни ривожлантириш, илмий ишланмалар натижаларини қонунчилик фаолияти ва ҳуқуқ амалиётига самарали тадбиқ этиш, таълим ва фан соҳасида шерикчилик тўғрисидаги шартномаларини тузиш, халқаро ҳамкорлик амалиётини ривожлантириш, ўрнатиш ва ривожлантириш, ТДЮУ педагогик ва бошқа ходимлари учун меҳнат шароитлари ва уларнинг ижтимоий таъминотини яхшилаш, ОТМга молиявий ёрдамларни ташкил этиш, унинг фаолияти ва ривожланишини таъминлаш учун бюджетдан ташқари ва хайрия маблағларини жалб этишга хизмат қилувчи янги шакл, дастур ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалаларида иштирок этади.