Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни Жанубий Қозоғистон вилоятига ташриф буюрди ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан амалий учрашув ўтказди, деб хабар қилди ЎзА.

Учрашувда Ўзбекистон Президентининг шу йил март ойида Қозоғистонга давлат ташрифи давомида мамлакатларўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев ўзаро учрашувлар мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

«Жорий йил март ойидаги Қозоғистонга ташрифимиздан сўнг ўзаро ҳамкорлигимизнинг барча йўналишлари бўйича «Йўл харитаси"ни ишлаб чиқдик. Вазирлар ва ҳудудлар раҳбарларининг учрашувлари фаоллашди», — деди давлат раҳбари.

Президент Нурсултон Назарбоев олдинги учрашувдан кейин мамлакатлар ўртасидаги алоқалар янада фаоллашганини қайд этди.

«Шу йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий алоқалар сезиларли даражада ошди. Транспорт-логистика, автосаноат соҳаларидаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни алоҳида таъкидлаш жоиз. 2017 йилнинг дастлабки уч ойида ўзаро товар айирбошлаш 37 фоизга кўпайди», — деди Қозоғистон Президенти.

Президент Шавкат Мирзиёев Президент Нурсултон Назарбоевга бугунги учрашув учун самимий миннатдорлик билдирди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигидаги ижобий суръатлар барқарор сақланиши ва янада ривожланишига ишонч билдирдилар.