Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалини яратиш бўйича энг яхши лойиҳалар халқаро танловида Илҳом Жабборов ғолиб бўлди, деб хабар қилди Бадиий академия «Газета.uz"га.

Биринчи ва иккинчи ўринларни мос равишда Жасванд Анназаров ва Тўлаган Тожихўжаев эгаллади. Тўлаган Ёрқулов ва Фарит Ахметзянов, шунингдек жанубий кореялик ҳайкалтарошлар Канг Чул Хи, Ли Чонг Ан ва Чунг Юнг Су рағбатлантирувчи мукофотларни қўлга киритди.

Илҳом Жабборов —Мустақиллик майдонига ўрнатилган Мустақиллик ва эзгулик монументи ҳамда пойтахт марказидаги Амир Темур ҳайкали муаллифи.

Бадиий академия Марказий кўргазмалар залида танлов якунлари бўйича ўтказилган маросимда академия раиси Акмал Нур энг муносиб ишларни танлаб олиш жуда мураккаб кечгани, ғолибликка кўплаб номзодлар бўлганини таъкидлаб ўтди.

Унинг қўшимча қилишича, ҳайкалтарошлар олдида улкан вазифалар турибди. Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида Шароф Рашидов, Абдулла Орипов, Озод Шарофуддинов, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова, Муҳаммад Юсуф ҳайкаллари барпо этилиши лозим.

Тошкент, Самарқанд ва Қаршида Ислом Каримовнинг қандай ҳайкаллари ўрнатилиши ҳозирча маълум эмас. Давлат буюртмаси бажаришга киришилганда ушбу масалага ойдинлик киритилади.

Танловда Ўзбекистон, Туркманистон, Украина, Жанубий Корея, Италия, Германия ва Австралиядан 58 нафар муаллиф томонидан тақдим этилган 68 лойиҳа намойиш этилди. Ғолиблар санъат, маданият, адабиёт ва архитектура соҳасининг йирик намоёндаларидан иборат 11 кишилик махсус комиссия томонидан аниқланди.