Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Жиззах вилояти бўйича сафари жараёнида Жиззах шаҳридаги Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази фаолияти билан танишди, деб хабар қилди ЎзА.

«Энди тадбиркор муаммосини ҳал қилиш учун турли ташкилотларга бориб юрмайди. Ушбу марказда барча соҳа мутахассислари уларнинг талаб ва таклифларини ўрганади ва ечимини топади. Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази тадбиркорларнинг ҳақиқий кўмакчиси бўлиши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Туманларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш марказлари ташкил этилиб, улар томорқадан самарали фойдаланиш, микробизнесни йўлга қўйиш, микрокредитларни расмийлаштириш, ажратилган кредитларни мониторинг қилиш каби масалалар билан шуғулланади. Вилоят бўйича 91 ана шундай марказ очилиши кўзда тутилган.

«Агар биз энг олис ҳудудларда ҳам тадбиркорликни ривожлантирмоқчи бўлсак, аввало, аҳолига тадбиркорлик бўйича етарлича тушунча ва билим беришимиз керак. Тадбиркорларга имконият ва шароит яратиб берсак, улар ўзларини ҳам, аҳолини ҳам иш билан таъминлайди», — деди Президент.