Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлуни қабул қилди, деб хабар қилди ЎзА.

Ўзбекистон — Туркия муносабатлари 2016 йилнинг 17−18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтган олий даражадаги музокараларда эришилган келишувларга мувофиқ изчил ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, тўқимачилик, кўнчилик, кимё ва фармацевтика соҳалари, қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда, жумладан, «Ургут» эркин иқтисодий зонаси доирасида юқори технологияли замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мевлут Чавушўғлу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга қабул учун самимий миннатдорлик изҳор этди. Давлат раҳбарига Туркия компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаётгани учун Туркия раҳбарияти номидан ташаккур билдирди ва кенг кўламли ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

Яқинда Туркияга бош вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакиллари борган эди. Ташриф жараёнида бизнес-форум ҳам бўлиб ўтди.

24−26 май кунлари Ўзбекистонда икки томонлама иқтисодий кенгаш йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда Туркия иқтисодиёт вазири ҳам иштирок этади. Май ойи охирида Тошкентга Туркия маданият ва туризм ишлари вазири маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун ташриф буюради.