25 йил ичида илк бор ташкил этилган Ўзбекистоннинг Душанбедаги (Тожикистон) миллий маҳсулотлар кўргазмаси катта муваффақиятлар билан якунланди. Кўргазма ва бизнес-форум натижаларига кўра умумий қиймати 50 млн доллардан зиёд бўлган меморандум, келишув ва шартномалар имзоланди. Тўрт кун давомида (17−20 апрель) кўргазмага 20 минг нафақардан зиёд киши ташриф буюрди.

ЎзА хабарига кўра, кўргазмада Ўзбекистоннинг 160 дан зиёд компанияси 1 минг 500 турдаги маҳсулотларни намойиш этди. Душанбе шаҳридаги «Пойтахт — 90» савдо марказида электротехника, кабель, кимё ва нефть-кимё, фармацевтика, сантехника, тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа товарлар намойиш этилди.

Очиқ кўргазма майдонида қишлоқ хўжалиги ва транспорт техникаси, хусусан, енгил, юк ташувчи ва махсус автомобиллар, автобуслар, велосипед ва мотоцикллар, тракторлар, пахта териш машиналари ва турли ускуналар тақдим этилди.

Кўргазмага келганлар Ўзбекистон мустақиллик йилларида миллий саноатни ривожлантиришда улкан ютуқларга эришганини таъкидлади.

Тадбир доирасида ўтказилган бизнес-форумда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 500 га яқин вакили қатнашди. Форумда сўзга чиққан Тожикистон Республикаси Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Ф.Саттор ва бошқалар мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасида авиақатновларнинг йўлга қўйилгани муҳим аҳамиятга эга эканини, ушбу кўргазма ва бизнес-форум ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Бизнес-форумда Тожикистон вакиллари қўшма корхоналар ташкил қилиш, савдо бозорларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, гидроэнергетика, тоғ-кон, озиқ-овқат, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, транспорт, логистика, коммуникациялар, машинасозлик, қурилиш, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.

«Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техника воситалари намойиши «Тожикагролизинг» компанияси, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакилларида қизиқиш уйғотди. Бунинг натижасида қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг битим ва шартномалар имзоланди.