Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Санкт-Петербург, Қозон, Ростов-на-Дону, Екатеринбург, Владивосток ҳамда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳарларида консуллик маҳкамаларини очиш масаласи устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов 2017—2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш стартегиясини амалга оширишга бағишланган конференцияда маълум қилди.

Унинг қайд этишича, мазкур чора вақтинчалик хорижда бўлиб турган фуқаролардан ТИВ манзилига келиб тушаётган шикоятлар асосида амалга оширилмоқда. Президент виртуал қабулхонаси ишга тушган вақтдан буён мурожаатлар сони 3000 та атрофидани ташкил этса, уларнинг учдан икки қисми консуллик-ҳуқуқий хусусиятга эга. Жумладан паспортларни алмаштириш; хорижда вафот этган қариндош ва яқинлар ўлими ҳужжатларини расмийлаштириш, ўлим сабабларига ойдинлик киритиш; хорижий давлатлар ҳудудида содир этилган жиноий ишлар бўйича адолатли тергов олиб борилиши; алиментларни ундиришда кўмаклашиш ва бошқалар юзасидан шикоятлар келиб тушмоқда.

Хориждаги фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш учун ТИВ Консуллик низомининг янги таҳририни ишлаб чиқди. Ҳозирда лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси босқичида.

Ҳужжатга мувофиқ, консул зиммасига хорижда объектив сабабларга кўра маблағсиз қолган Ўзбекистон фуқароларига моддий кўмак кўрсатиш вазифаси ҳам топширилади. Молиявий ёрдам олишда нотариал тасдиқланишга тенглаштирилган шартнома тузилади. Фуқаро шу йўл билан Ўзбекистонга қайтиши мумкин, бироқ 30 кун муддат ичида олинган пулларни қайтаришга мажбур бўлади.

Вазирнинг биринчи ўринбосари сўзларига кўра, кўпчилик консуллик вазифалари «онлайн режимга, интерактив шаклга» ўтказилади.